ССВ: Марказий Осиёда ягона бўлган генодерматозларини даволовчи муассасада хорижлик беморларга ҳам тиббий хизмат кўрсатилмоқда

2
Minzdrav
Minzdrav11560

    Дерматология — тиббиётнинг энг мураккаб соҳаларидан бири. Шу боис бугун юртимизда аҳолига бу йўналишда сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, кенг тарқалган ва янги аниқланган дерматологик касалликларнинг замонавий даволаш усулларини амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

    Республика ихтисослаштирилган дерматология, венерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази бу борада юртимиздаги вертикал бошқарувга эга бош муассаса ҳисобланади.

    Айтиш лозимки, бугунги кунда марказ олимлари генодерматоз ва онкодерматоз муаммолари, терининг замбуруғли ва вирусли касалликлари, жинсий йўл билан юқувчи янги хасталик турларини аниқлаш, дерматокосметология ва соч кўчириб экиш бўйича катта ютуқларга эришмоқда.

    Шунингдек, муассасанинг ҳудудий филиалларида тери ва унинг ҳосилалари касалликлари, туғма ёки орттирилган косметик етишмовчиликларни муолажа қилишда илғор ёндашувлар амалиётга татбиқ этиляпти.

    Яна бир маълумот. Айни пайтда юртимизда 365 нафар беморда ноёб ирсий хасталик — буллёзли эпидермолиз касаллиги қайд этилган бўлиб, хасталанганлар бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий реестри шакллантирилган.

    Очиғини айтиш керак, мамлакатимизда яқин-яқингача буллёзли эпидермолиз ва ихтиоз каби ноёб генетик дерматозлар бўйича ихтисослашган тиббиёт муассасаси бўлмаган ва касалликнинг жиддий ҳолатларида беморлар чет элга бориб, даволанишга мажбур эди.

    Президентимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибор туфайли марказ қошида Марказий Осиёда ягона – генодерматозларини даволаш бўйича янги бўлим ташкил этилди.

    Жорий йил ушбу муассасада 239 нафар бола тўлиқ давлат ҳисобидан бепул даволанди. Шу билан бирга, ҳозирда мазкур бўлимда қўшни давлатлардан келган фуқаролар учун ҳам тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

    Айтиш керак, муассасанинг барча ҳудудий филиалларида генодерматозлар бўйича масъул ходимлар бириктирилган. Бугунги кунда марказ ва хорижлик мутахассислар иштирокида бундай беморларга телетиббиёт орқали зарур тиббий маслаҳат ва консилиумлар ўтказиляпти.

    Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари билан биргаликда мазкур беморларда қизилўнгач дилатациясини ўтказиш йўлга қўйилмоқда.

    Марказда нафақат замонавий ва юқори технологик даволаш усулларини амалиётга татбиқ этиш, балки илмий изланишлар асосида маҳаллий хомашёдан тайёрланадиган тиббий маҳсулотларни ишлаб чиқиш борасида ҳам катта ютуқларга эришиляпти.

    Хусусан, бугунгача таркибида шифобахш хусусиятга эга бўлган кремний ва глауконид минераллари асосида 9 турдаги маҳсулотлар тайёрланди. Уларнинг тиббий амалиётда кенг қўлланилиши натижасида юртимизда терининг аллергик ва замбуруғли касалликларини даволаш самарадорлиги 57,8 фоиздан 64,1 фоизгача ошишига эришилди.

    Бундан ташқари, илк бор терининг замбуруғ хасталиклари ва лейшманиоз каби касалликлар ташхиси туман даражасида йўлга қўйилиб, бу орқали терининг юқумли касалликларини аниқлаш 28,7 фоизгача ортди.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги
    Матбуот хизмати.

    Комментарии

    Для добавления комментариев необходимо авторизоваться.