Doimo gʻolib edilar | Доимо ғолиб эдилар

34
ziyouz
ziyouz23486

    Қари кампирнинг ҳаёти бирмунча оғир кечар эди. Чунки унинг на яқинлари, на болалари – ҳеч кими йўқ эди. Бунинг устига, кўзи ҳам ожиз эди. Бундан хабар топган ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) зудлик билан унинг ёнига келиб:

    – Эй онажон, мен сизнинг ҳолингиздан ҳар куни хабар олиб тураман. Уйингизни супуриб-сидириб қўяман. Ўзингизга қарайман. Таоми­нгизни пишириб бераман. Сиз энди ҳеч безовта бўлмайсиз. Машаққат ҳам чекмайсиз, – дедилар. – Фақат бир илтимосим бор. Мени ҳеч кимга айтмайсиз. Сизга кўрсатадиган хизматимни ҳам бирон кимсага билдирмайсиз. Хўпми!

    Кампир хурсандлик билан рози бўлди. Она-боладек ҳаёт кечира бошлашди. Кунлар ўтди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) олийҳиммат ишларини давом эттиравердилар. Кунларнинг бирида ҳайратдан ёқа ушлаб қолдилар. Уй супурилган, атроф чиннидек топ-тоза. Кампирнинг олдига таом ҳам қўйилган.

    Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) таажжуб­ланиб:

    – Эй онажон! Мен сизга, ҳеч кимга айтманг, мен ўзим сизга қараб тураман деган эдим-ку, – дедилар.

    – Мен ҳеч кимга ҳеч нарса айтганим йўқ, – деб жавоб қилди кампир.

    Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) «Савобли ишни мендан олдин қилаётган инсон ким экан», деб турган вақтларида, не кўз билан кўрсинларки, ичкаридан амирул мўминин ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) чиқиб келмоқда эдилар.

    – Сиз.. сизмисиз, эй амирул мўминин, жону-таним сизга фидо бўлсин, – дедилар-у, бошқа сўз айтишга тиллари айланмай қолди.

    Ўша вақтларда ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) адлия ишларига масъул эдилар. У зот: «Қандай ишда бўлмасин, Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) билан мусобақалашмай, ҳаммасида у киши ғолиб чиқар эдилар», деб тан олган эканлар.

    «Саодат қучганлар ибрати» китобидан олинди.

    Комментарии

    Для добавления комментариев необходимо авторизоваться.