Bola va olma daraxti | Бола ва олма дарахти

62
ziyouz
ziyouz23486

    Бир болакай ҳар куни катта олма дарахти ёнида ўйнашни жуда яхши кўраркан. Шохларига чиқиб олма ер, туш маҳали соясида мизғир экан. Хуллас, болакай олма, олма эса болакай билан ўйнашни жуда яхши кўриб қолибди. Кунлар ўтибди. Болакай анча улғайибди. Энди олма дарахти олдига ҳар куни келмайдиган бўлибди.

    Бир куни бола жуда хафа ҳолда келибди.

    – Кел, бирга ўйнаймиз, – дебди дарахт.

    – Йўқ, мен энди дарахт атрофида ўйнаб юрадиган болакай эмасман, – деб жавоб берибди, – турли ўйинчоқларим бўлишини истайман, сотиб олиш учун менда пул йўқ..

    – Афсус, пул менда ҳам йўқ, лекин меваларимни териб, сотиб, ўйинчоқлар олишинг мумкин, – дебди қайғуриб дарахт.

    Бола ҳаяжонланиб кетибди. У мевалардан узиб олиб, хурсанд ҳолда ортига қайтибди ва шу кетганча яна узоқ вақт дарахт ёнига келмабди. Дарахт эса уни соғинибди, йўлига интизор бўлибди…

    Бир куни ҳалиги бола (энди у катта киши эди) яна олма дарахти ёнига келибди. Олма жуда хурсанд бўлиб, ҳаяжонланиб кетибди.

    – Кел, ёнимга ўтир, – дебди дарахт.

    – Афсус, вақтим йўқ. Оилалиман, уларни боқишим, бошпана қилишим керак. Менга ёрдам бера оласанми?

    – Узр, пулим йўқ-да, аммо шохларимни кесиб, ундан уй қурсанг бўлади, – дебди дарахт.

    Киши олма дарахтининг барча шохларини кесиб олиб, хурсанд бўлганича ортига қайтибди. Дарахт уни бахтиёр кўрганидан жуда шодланибди. Аммо.. анчагача ёлғиз қолибди.

    Иссиқ ёз кунларининг бирида киши дарахт ёнига келиб, унга суянибди.

    Олма дарахти зиёратига келган эски қадрдонини кўриб, ўзида йўқ хурсанд бўлибди ва:

    – Кел, суҳбатлашамиз! – дебди.

    – Қарияпман. Ҳолим йўқ. Чарчаганман. Қани энди бир қайиғим бўлса-ю, унда сузиб ҳаёт ташвишларидан йироқлашсам.. – дебди киши.

    Дарахт бир оз жим қолиб, сўнг дебди:

    – Кел, танамдан қайиқ ясагин-да, узоқ ерларга сузиб бор, ташвишларни унут, дам ол, ёнимга шодон қайтиб кел.

    Киши унинг бақувват танасини арралаб, ундан қайиқ ясабди ва орзуига етибди.

    Дарахт кўз ёшлари билан унга табассум қилибди.

    Қиссадан ҳисса: Олма дарахти ота-она тимсоли. Улар ҳам боласи учун ҳар қандай қурбонлик қилишга тайёр. Боланинг дарахтга бепарволиги, шафқатсизлиги бизни ачинтирди, лекин ўзимизни кузатсак, биз ҳам кўп ҳолда ота-онамизга шундай муносабат кўрсатамиз. Уларнинг меҳр-муҳаббатига яраша жавоб қайтаролмаймиз ёки яхшиликларини вақтида қадрламаймиз.

    Аллоҳ таоло хатоларимизни кечириб, тўғри йўлга бошласин. Ота-оналаримизни рози қилиш бахтини насиб этсин.

    Комментарии

    Для добавления комментариев необходимо авторизоваться.