Koʻylagi yamoq bola | Кўйлаги ямоқ бола
Ҳазрат Умар ибн Хаттобнинг (розияллоҳу анҳу) ёш ўғиллари кўчада болалар билан ўйнар эди. Боланинг кўйлагига бир неча ямоқ солинган бўлиб, тенгқурлари унинг устидан кулишди. «Отанг амирул мўминин бўлса-ю, сен шундай йиртиқ-ямоқ кийимда юрсанг», деб камситишди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ўғиллари бундан жуда хафа бўлди. Отасининг ҳузурига бориб:
– Болалар кийимимдаги ямоқларни кўриб, устимдан кулишяпти, – деб бўлган воқеани сўзлаб берди.
Шунда Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ўғлига:
– Хазиначига бориб, хазинадан бир кийимлик мато берар экансиз, отам маошларидан олиб ўрнига қўяр эканлар, дегин, – деб тайинладилар.
Ўғил хазиначининг олдига бориб амирул мўмининнинг сўзларини айтди. Хазиначи унга:
– Агар отангиз маош олгунларича яшаб туришларига кафолат берсалар, сиз айтган матони бераман, – деди.
Ўғил хазиначининг ҳеч нарса бермаcлигини тушунди. Оталари Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ҳузурларига бориб, хазиначи нима деб жавоб берганини айтди. Шунда Умари Одил:
– Агар хазиначи сен айтган матони бериб юборганида эди, мен уни шу ондаёқ ишдан бўшатган бўлар эдим, – дедилар, сўнгра ўғилларига таскин бердилар.
{$ noItemsMessage $}