Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар” романининг инглиз тилидаги нашри тақдимот маросими

105
karimovfoundation
karimovfoundation613

    “Муҳаббат деган нарса жуда оз кишиларга насиб бўладирған бир дурри бебаҳодир”.
    Тошкентда Абдулла Қодирий қаламига мансуб “Ўткан кунлар” романининг инглиз тилидаги нашри тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимот маросими Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги асосчиси Ислом Каримов таваллудининг 81 йиллигига бағишланди.
    Тақдимотда ўзбек халқининг мард ўғлонлари, жадидчлик харакатининг фаоллари – Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Мунаввар қори, Худойберган Девонов, Беҳбудий, Авлоний каби кўплаб маърифатпарварлар хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.
    “Ўткан кунлар” романини инглиз тилига таржима қилиш ва нашр этиш лойиҳаси Каримов Фонди томонидан амалга оширилди. Роман британиялик адабиётшунос Кэрол Ермакова томонидан инглиз тилига ўгирилди, таржимага Жули Уикенден муҳаррирлик қилди. Атоқли ўзбек рассоми Бобур Исмоилов роман учун бадиий безак суратлари ишлади. Романнинг инглиз тилидаги талқини Каримов Фонди кўмаги билан “Nouveau Monde Editions” номли машҳур француз нашриёти томонидан чоп этилди.
    “2019 йил маҳаллий аҳоли тилларига бағишланган халқаро йил деб эълон қилинган. Биз мазкур йилни “Ўткан кунлар” романининг инглиз тилига таржимаси тақдимоти билан нишонлашга киришдик. Роман таржимаси ўзбек тилининг руҳини бошқа маданиятлар ва қалбларга етказишга хизмат қилади”, – деди ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Пилар Альварес-Ласо хоним тақдимот маросимидаги сўзида.
    Таниқли адабиётшунос Шуҳрат Ризаев қайд этганидек, “Дунёни “Ўткан кунлар” билан таништириш бу – жаҳон халқларини ўзбеклар билан таништириш, ўзбек халқининг юраги, қалби, тафаккури, миллий олами, урф-одатлари, анъаналари ва қадриятлари билан таништириш деганидир”.
    Каримов Фонди раҳбари Лола Каримова-Тилляева: “Мазкур асарни инглиз тилига таржима қилиш биз учун шарафли иш бўлди. Айни чоқда, Абдулла Қодирий асарларини чет тилларга таржима қилиб нашр этиш устида иш олиб бораётган бошқа мутахассисларга ҳам ўз ҳурмат ва миннатдорлигимизни изҳор этамиз. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, яратилганидан қарийб 100 йил ўтгач, “Ўткан кунлар” асари бир вақтнинг ўзида иккита ижодкор – британиялик ва америкалик таржимонлар томонидан инглиз тилига ўгирилди. Бу эса ўзбек адабиёти равнақи ва уни халқаро ҳамжамиятга олиб чиқиш йўлида муҳим қадам бўлди. Ўзбек адабиёти иқтидорли адибларга бой, шундай экан, уларнинг асарлари турли тилларда дунё юзини кўриши зарур эканига ишончимиз комил.”

    Комментарии

    Для добавления комментариев необходимо авторизоваться.