Qur’oni karim va sport avtomobili | Қуръони карим ва спорт автомобили

127
ziyouz
ziyouz23486

    Ёш бир йигит олийгоҳни битириш учун тайёрланаётган эди. У кўп ойлардан бери бир савдогарнинг кўргазма залида турган чиройли спорт автомобилини кўриб завқланарди ва сотиб олишга отасининг бемалол қурби етишини биларди. Бир куни йигит отасига ўзининг энг олий истаги мана шу автомобил эканлигини тушунтирди.
    Битирув куни яқинлашиши билан йигит отасининг ҳимматини кута бошлади. Ниҳоят, олийгоҳни тугатадиган куни эрталаб отаси уни ўзининг хонасига чақирди. Ота шундай қувноқ ўғли борлигидан фахрланишини, уни нечоғлик яхши кўришини маълум қилди ва бежирим ўрамдаги совға қутисини унга топширди.
    Йигит иштиёқ билан, лекин нимадандир норозидай қутини очди ва бежирим, чарм-муқовали Қуръони каримни топди. Шунда у отасига жаҳл билан:
    “Нима, асраб қўйган пулларингизнинг барчасига мен учун биттагина Қуръон совға қиласизми?” — деди-да, каломи шарифни қолдирганича уйдан югуриб чиқиб кетди.
    Йиллар ўтиб ўша йигит ишида муваффақият қозонди. Унинг шинам уйи ва ажойиб оиласи бор эди. Бир куни у отасининг қариганлигини ўйлаб, эҳтимол, хабар олиш лозим дея фикр қилди. У отасини ўша битирув кунидан бери кўрмаганди. Озроқ ишларимни битириб олай, сўнг хотиржам отамни кўргани бораман, деб ўйлади.
    Ишларини тартибга солиб бўлгунича, отасининг вафот этгани ҳамда барча мол-мулкини ўғлига васият қилиб қолдирганлиги тўғрисида телеграмма олди. Ота ҳовлисига келганда, тўсатдан унинг қалбини маҳзунлик ҳамда ўкиниш ҳисси қамраб олди. У отасининг муҳим ҳужжатларини излай бошлаганида, йиллар олдин қолдириб кетгани, ўша Қуръони каримни кўриб қолди. Кўзида ёш билан Қуръонни саҳифаларини оча бошлади. Бирдан, китобнинг орқасига тасма билан боғланган ковертдан калит тушиб кетди. Калитда у орзу қилган айнан ўша спорт автомобили сотувчисининг исми ёзилган ёрлиқ бўлиб, устига олийгоҳни битирган санаси ҳамда «Пули тўланган» деган ёзув турарди.

    Комментарии

    Для добавления комментариев необходимо авторизоваться.