Istiqlol fidoyilari. Munavvar qori | Истиқлол фидойилари. Мунаввар қори

115
ziyouz
ziyouz23486

    Адиб, мураббий, муҳаррир, маърифатпарвар, жамоат арбоби Мунаввар қори Абдурашидхон ўғли 1878 йилда Тошкент шаҳрининг Шайх Хованд Тоҳур даҳаси Дархон маҳалласида мударрис оиласида туғилди. Тошкентдаги Юнусхон мадрасасида ўқиди, сўнгра таҳсилини Бухорода давом эттирди, Тошкентга қайтгач, Дархон масжидида имомлик вазифасини бажаради.
    Мунаввар қори ХIХ асрнинг охиридан бошлаб жадидчилик ҳаракатларида фаол иштирок эта бошлади. 1901 йилда ўз ҳовлисида, кейинчалик Тошкентнинг турли даҳаларида жадид мактабларини очади. Бу мактаблар учун 1907-йилда «Адиби аввал», «Адиби соний» дарсликларини яратади. «Тажвид ал-Қуръон», «Ер юзи» сингари қўлланмаларни тузиб, нашр этади. Болалар учун қатор шеърий ва насрий ҳикоялар ёзади.
    У 1909 йили Тошкентда «Жамияти хайрия» уюшмасини тузади ва «Турон» номли жамиятни очади. Мунаввар қори 1906 йилда дастлабки ўзбек матбуоти намуналаридан бири «Хуршид» газетасини нашр этди. Кейинчалик «Нажот», «Кенгаш» газеталарида бош муҳаррир, «Садойи Туркистон»да эса бўлим муҳаррири бўлиб хизмат қилади.
    Мунаввар қори 1917 йил феврал инқилобидан кейин Туркистонда демократик миллий давлатчиликни тузиш ғоясини илгари сурди. У Қўқонда ташкил топган Туркистон Мухториятини қўллаб-қувватлади.
    Шўро даврида у ўзининг очиқ маърифий ишларини ва яширин сиёсий ҳаракатларини давом эттирди. 1918 йилнинг апрелида Туркистон халқ дорилфунунининг асосчиси ва ректори этиб сайланади. Унинг саъй-ҳаракати билан 1918 йил 2 июнда дорилмуаллимин иш бошлайди. У 1918 йилда «Турк ўчоғи» илмий-маърифий жамиятини ташкил қилади.
    Мунаввар қори 20-йилларда ўзбек юртининг мустақиллиги учун кураш вазифасини ўз олдига қўйган «Миллий иттиҳод» ва «Миллий истиқлол» яширин ташкилотларига раҳбарлик қилган.
    20-йилларнинг ўрталарида миллий зиёлиларни таъқиб қилиш кучайиши натижасида Мунаввар қори ҳамма лавозимлардан четлаштирилади. Бироқ ҳатто қатағон ҳам Мунаввар қори Абдурашидхон ўғлини истиқлол ғояларидан қайтара олмади.
    У 1929 йилда қамоққа олинади ва 1931 йилда отиб ўлдирилади. Унинг хоки Москвадаги Ваганково қабристонидадир.

    Комментарии

    Для добавления комментариев необходимо авторизоваться.