Alisher Navoiy. Bahorni netayin, oʻt mening bahorimgʻa (gʻazal)

284
ziyouz
ziyouz23486

    Баҳорни нетайин, ўт менинг баҳоримға
    Ки, тушмагай назарим сарви гулъузоримға

    Юзи ўтиғаки тер шабнами қўяр юз хол,
    Хазондин ўлмасун офат бу лолазоримға.

    Дедингки, дайрға кирсанг май ихтиёр этма,
    Қўярму муғбачайи маст ўз ихтиёримға.

    Ул ой жафо тоши ёғдурмоғи била ўлсам,
    Борин йиғиб тўкунгуз, дўстлар, мазоримға.

    Ёпишти кўнглакима яра қонидин хирқам,
    Нечукки ул ёпишибдур тани фигоримға.

    Май ўти чун гули рухсорин оташин қилди,
    Анинг шароридин ўт тушти рўзгоримға.

    Май интизорида қўйдум туганлар, эй соқий,
    Келиб қадаҳ суйин ур доғи интизоримға.

    Қўюб беҳиштни майхона сари бордимким,
    Илож эмас эди кавсар майи хуморимға.

    Навоий айласа булбул кеби фиғон не осиғ,
    Чу раҳм қилмади ул гул фиғону зоримға.

    Алишер Навоий

    Комментарии

    Для добавления комментариев необходимо авторизоваться.