Анжуман қизғин давом этмоқда

0
Minzdrav
Minzdrav11789

    Тадбирда онкология соҳасига бағишланган шўъба йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вакилларимиз сўнгги йилларда юртимизда ушбу йўналишида, шу жумладан бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонига қарши кураш соҳасида эришилган ютуқлар хусусида маълумот берди.

    Икки мамлакат мутахассислари онкологияда замонавий диагностика, жарроҳлик-онкология, шахсийлаштирилган терапия бўйича ҳам ўзаро фикр алмашди.

    Шунингдек, тадбир давомида “Шошилинч тиббий ёрдам” ва “Ҳамширалик иши” мавзуларида шўъба йиғилишлари ўтказилиб, уларда ушбу соҳаларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан юртимиз шошилинч тиббий ёрдам хизмати учун Германиядан замонавий жиҳозлар ва техникаларни олиб келиш, биргаликда юқори малакали ҳамшираларни тайёрлаш, уларни Германияга ишга юбориш имкониятлари кўриб чиқилди.

    Анжуман доирасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи А. Худаяров Германия Федерал соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари, “Siemens Healthinners”, “SAP SE”, “OPASCA” компаниялари, Фрайбург университети клиникаси ҳамда бошқа муассасалар вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказмоқда.

    Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Германия ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамалаш, шу жумладан радиология соҳасини модернизация қилиш, Шарите университети клиникасида ўзбек докторантларининг малакасини ошириш, тиббиётни рақамлаштириш, махсус тез ёрдам транспорт воситаларини маҳаллийлаштириш орқали уларнинг юртимизда ишлаб чиқариш масалалари муҳокама қилиняпти.

    Анжуман доирасида икки давлат даволаш-профилактика муассасалари, тиббиёт олийгоҳлари ва уларнинг клиникалари, хусусий сектор корхоналари ўртасида ўзаро манфаатли келишувларга эришилиб, меморандум ҳамда ҳамкорлик шартномалари имзоланмоқда.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги
    Матбуот хизмати.

    Комментарии

    Для добавления комментариев необходимо авторизоваться.