ССВ: Ўзбекистонда биринчи тиббиёт муассасаси халқаро даражадаги JCI сертификатини олди

4
Minzdrav
Minzdrav11522

    Ушбу натижага Болалар миллий тиббиёт маркази эришди. Бу эса марказ тиббий хизмат сифати ва беморлар хавфсизлиги бўйича энг юқори халқаро стандартларга жавоб беради дегани.

    Сертификатнинг қўлга киритилиши Президентнинг 2024 йил 22 январдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган юртимизнинг 6 та тиббиёт маркази халқаро аккредитациядан ўтказилишини таъминлаш борасидаги вазифанинг ижроси йўлидаги дастлабки қадам бўлди.

    Joint Commission International — дунё бўйича тиббиёт муассасаларини сертификатлаш билан 75 йил давомида шуғулланадиган энг нуфузли халқаро ташкилот.

    JCI тиббий хизматлар кўрсатиш сифатининг “олтин стандарти” ҳисобланган соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг объектив ва нуфузли халқаро сертификатдир. У халқаро экспертлар томонидан тиббиёт ташкилотлари учун махсус ишлаб чиқилган бўлиб, Халқаро соғлиқни сақлаш сифати жамияти (ISQua) ва ЖССТ томонидан тан олинган.

    Ушбу муносабат билан марказда ўтказилган тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси, KOFIH жамғармаси вакиллари иштирок этди.

    — Марказ шахсан Президентимизнинг ташаббуси билан янгидан барпо қилинган юртимиз тиббиётининг ютуғидир. Лойиҳаси ва моддий техник базаси имкониятлари жиҳатидан давлат тиббиёт муассасалари орасида аналоги бўлмаган, 4-даражали, Марказий Осиёда ягона марказ ҳисобланади. Унда фаолият юритаётган 100 нафардан ортиқ врач ва ҳамширалар АҚШ, Жанубий Корея, Россия, Ҳиндистон каби дунёнинг ривожланган давлатларида малака ошириб келган. “Олтин стандарт” ҳисобланган сертификат эса уларнинг зиммасига янада каттароқ масъулият юклайди, — деди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Фаррух Шарипов.

    — Тиббиёт инсонларнинг ҳаёт сифати билан бевосита боғлиқ соҳа бўлиб, Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг энг катта қисмини ташкил этади. Ўзбекистонда ушбу марказни яратиш лойиҳаси эса бу ҳамкорликнинг энг катта ютуғи ҳисобланади. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида марказ Ўзбекистонда JCI сертификатига эга бўлган биринчи тиббиёт муассасасига айлантирилди, — деди Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Муваққат ишлар вакили жаноб Кук Чанг Хён.

    JCI аккредитацияси тиббиёт муассасасида тиббий хизмат кўрсатиш, беморлар хавфсизлиги, тегишли даволаш усуллари ва бошқарув энг юқори сифатга етганидан далолат беради. Ушбу аккредитацияни олиш катта нуфуз бўлиб, автоматик равишда халқаро даражага чиқиш имкониятини беради ва чет элдан юзлаб беморларни жалб қилади.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги

    Матбуот хизмати.

    Комментарии

    Для добавления комментариев необходимо авторизоваться.