Abu Rayhon Beruniy | Абу Райҳон Беруний

105
ziyouz
ziyouz23486

    Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний (973, 4 сентябр — 1048, 11 декабр) ўз замонасидаги мавжуд фанларни пухта эгаллаб, дунё­да унгача ҳеч ким забт этолмаган юксак чўққиларга кўтарилди. Астрономия, астрология, фалсафа, математика, физика, геодезия, геология, фармакогнозия, минералогия, тарих, адабиётшунослик, таржимонлик, луғатшунослик каби соҳаларда тадқиқотлар олиб бориб, бадиий асарлар яратиб буюк самараларга эришди.

    Шу маънода машҳур шарқшунос олим И.Ю. Крач­ковс­кий Беруний илмий меросига юксак баҳо бериб: «Унинг қизиққан илм соҳаларидан кўра, қизиқмаган илм соҳаларини санаб ўтиш осонроқдир», деганида сира муболаға йўқ.

    Абу Райҳон 22 ёшларида дунёда биринчи бўлиб илмий асосда диаметри 5 метр бўлган глобус яратди, 27 ёшида эса «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар»дек улуғ китобни ёзди.

    Қомусий аллома бир юз элликдан зиёд йирик илмий асар яратган. Шулар орасида ҳар бирини бутун бошли илмий муассасалар жамоаси ҳам ёзишни уддалаши маҳол бўлган «Ҳиндистон», «Сайдана», «Минералогия», «Геодезия», «Қонуни Маъсудий» каби фундаментал тадқиқотлар бор.

    Абу Райҳон Беруний ҳақиқий илмий табиатшуносликка асос солди. У ўрта асрлар шароитида ҳақиқий тажрибага, илмий кузатиш ва ­экспериментга асосланувчи аниқ илмий тафаккурни яратганлардандир.

    Аллома бобокалонимиз Беруний кўп тилларни: араб, сўғдий, сурёний, форс, юнон ва қадимги яҳудий(иброний) тилларини яхши билган. Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг Ҳиндистонга юришлари пайтлари эса, қадимги ҳинд тили — сан­скритни ўрганган; ҳатто бир қанча жуда муҳим асарларни санскритдан арабчага, араб тилидан санскритчага таржима қилган.

    Комментарии

    Для добавления комментариев необходимо авторизоваться.