Chin tavbaning samarasi | Чин тавбанинг самараси

89
ziyouz
ziyouz23486

    Бани Исроил заминида қаттиқ қурғоқчилик бўлиб, ер устида кўкарган майса қолмади. Чорвалар озиб-тўзиб кетганидан зўрға оёқда турарди. Одамлар ҳам очликдан ўлар аҳволга келиб қолишди. Охири одамлар Мусо (алайҳиссалом) ҳузурларига келиб:
    - Эй Калимуллоҳ! Аллоҳ таолога дуо қилинг, бизга ёмғир берсин! дейишди.
    Мусо (алайҳиссалом) ўринларидан турдилар. Оломон у зотга эргашиб, саҳрога йўл олди. Сочлари тўзғиган, уст-бошларини чанг қоплаган, очлик ва ташналикдан тинка-мадори қуриган қавм пайғамбар ортидан дуога қўл очди. Мусо (алайҳиссалом) дуо қилдилар:
    - Илоҳи, бизларга ёмғир бер, раҳматингни бошимиз узра соч. Эмизикли гўдакларимизга, ризқини ердан териб еювчи чорваларимизга ва қадди доим рукуга эгилган қарияларимизга раҳминг келсин.. ”
    Ҳамма ёмғир ёғишини кутарди. Ҳали дуо тугамасиданоқ бош устига думалаб тушиб, қалбни бир олам қувончга буркагувчи илк томчиларга раҳмат нишонасига интиқ эди. Аммо осмон яна ҳам чарақлаб кетди. Қуёш аввалгидан ҳам қаттиқроқ қиздира бошлади.
    Мусо (алайҳиссалом)тинмай:
    - Илоҳи, бизларга ёмғир бер, деб илтижо қиларканлар, ваҳий келди:
    - Ораларингизда қирқ йилдан бери Менга исён қилаётган бир осий банда бўлса, сизларга нега ёмғир берай! Ўша осий сабаб ёмғирсиз қолгансиз. Одамларга айт, у орангиздан чиқиб кетсин.
    Мусо (алайҳиссалом) ғазаб билан қавмга ўгирилиб, бундай дедилар:
    - Эй қирқ йилдан бери Аллоҳ таолога исён қилаётган осий банда! Бизнинг орамиздан чиқ! То орамизда экансан, ёмғир ёғмайди!
    У осий киши қўрқув билан ўнг томонга қаради, ҳеч ким чиқмади. Чап томонга қаради, ҳеч ким қимирламади. Кетиши талаб қилинаётган одам ўзи эканини билди ва ичида бундай деди: “Агар ҳозир бу ердан чиқсам, халойиқ олдида шарманда бўламан. Чиқиб кетмасам, мен туфайли ҳамма ёмғирдан маҳрум қилинади..” Унинг қалби ўртаниб кетди, кўзларига дувиллаб ёш келди. Ҳеч қачон бундай ҳолга тушмаган эди. Чинакамига афсус-надомат чекиб, бошини кийимлари орасига тиқиб олди. Шу ҳолатида ожизона пичирлади: “Илоҳи, Сенга қирқ йил исён қилдим, Сен қирқ йилдан бери мени шарманда этмай, айбимни одамлардан яширдинг. Менга муҳлат бердинг. Хатоларимни англадим, гуноҳларимни кечир, тавбамни қабул эт..”.
    У ўраниб олганича йиғлар, Аллоҳ таолога тавба-тазарру қилар, илтижо этар эди.
    Кўп ўтмай осмонда қуюқ булут пайдо бўлди ва мешнинг оғзидан тушаётган сувдай шаррос ёмғир ёға бошлади.
    Бу ҳолдан ажабланган Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ таолога илтижо қилдилар:
    - Раббим, Сен бизларга ёмғир бердинг. Ҳолбуки, орамиздан ҳеч ким чиқиб кетмади?!
    Шунда Аллоҳ таолодан ваҳий келди:
    - Эй Мусо, сизларни ким туфайли ёмғирдан маҳрум қилган бўлсам, ўша туфайли ёмғир бердим!
    Мусо (алайҳиссалом):
    - Эй Раббим, менга ўша итоатли бандангни кўрсат, дедилар.
    Аллоҳ таоло ваҳий юборди:
    - Бандамни Менга осийлик қилган ҳолида ҳаммадан яширган эдим, энди итоатли бўлганида уни шарманда қилайми?!

    Алишер Султонхўжаев тайёрлади.

    Комментарии

    Для добавления комментариев необходимо авторизоваться.