Травматология ва ортопедия марказида қандай ноёб жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилган

0
Minzdrav
Minzdrav11560

    Бугунги кунда Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида беморларни даволашнинг кўплаб инновацион усуллари жорий қилинмоқда. Хусусан, бу ерда қўлланилаётган кам инвазив амалиётлар натижасида узоқ йиллардан буён оғир дарддан азият чеккан кўплаб юртдошларимиз қисқа вақт ичида шифо топиб, оиласи бағрига қайтяпти.

    Муассасада йилига 3000 га яқин эндопротезлаш ва 3500 дан зиёд артроскопик операциялар ўтказилмоқда.

    Марказда янги даволаш усулларини йўлга қўйиш доирасида тирсак бўғими жароҳатларини эндопротез ёки пластиналар ёрдамида эмас, балки Илизаров усули билан тиклаш йўлга қўйилди.

    Бу ерда юртимизда илк бор 1 ёшу 4 ойлик боланинг ортиқча ярим тана умуртқасини олиб ташлаш жарроҳлик амалиёти ўтказилди. 2 нафар беморда биринчи марта ошиқ суягининг аваскуляр некрозида мозаик хондропластика, бир нафар фуқарода чаноқ-сон бўғими эндопротезлари ностабиллигида ҳамда суяк дефектида аллосуяк ёрдамида нуқсонларни тўлдириш ва эндопротезлаш операциялари бажарилди.

    Шунингдек, суяк синишларини даволашда блокловчи остеосинтез деб аталувчи замонавий операция усулидан фойдалана бошланди.

    Ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия хизматини аҳолига яқинлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижасида ҳозирда мураккаб амалиётлар туманлар даражасигача туширилмоқда.

    Масалан, Андижон вилоятида илк бор сон суяги бошчасининг асептик некрозида туннелизация ва PRP-терапия юқори технологик жарроҳлик амалиёти бажарилди. Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида 3, Қўқон шаҳрида 8, Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида 2, Бухоро вилоятининг Когон ва Бухоро туманларида 4 нафар беморда эса чаноқ-сон бўғимини эндопротезлаш муолажаси йўлга қўйилди.

    Шифо масканида ўзлаштирилган яна бир замонавий муолажа тури — бу туғма маймоқликни Понсети усули билан даволашдир. Ушбу муолажа, аввало, у каминвазивлиги билан ажралиб туради. Бунда бемор қисқа вақтда ва асоратсиз тузалади.

    Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтириш мақсадида марказда бир қанча янги бўлимлар ҳам очилди. Хусусан, Ўзбекистон тиббиётида ноёб йўналиш бўлган қўл ва оёқ панжаси хирургияси бўлими, иккинчи артроскопия бўлими, алоҳида реабилитация бўлими шулар жумласидандир.

    Таъкидлаш жоизки, шу йил охирига қадар мазкур марказда компьютер навигацияси ёрдамида йирик бўғимларни эндопротезлаш ва роботлаштирилган жарроҳлик техникасини жорий этиш ҳам режалаштирилган.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги
    Матбуот хизмати.

    Комментарии

    Для добавления комментариев необходимо авторизоваться.