Xoja Ahror Valiy | Хожа Аҳрор Валий

25
ziyouz
ziyouz23486

    Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор — Марказий Осиё халқларининг XV аср иккинчи ярмидаги ижтимоий-сиёсий, маданий ва тафаккур ривожида муҳим ўрин тутган. Нақшбандия тариқатининг назарий, амалий жиҳатларини бойитиб, бу таълимотнинг машҳур бўлишига ҳисса қўшган тарихий шахсдир. У ҳижрий 806 йил рамазон ойида (1404 йил, март) Шош — Тошкент вилояти музофотларидан Боғистонда дунёга келган. Отаси Хожа Маҳмуд ва бувалари маърифатли кишилардан бўлиб, деҳқончилик ва тижорат билан шуғулланган. Она тарафидан Хожа Аҳрор машҳур Шайх Хованди Таҳурга бориб уланади.

    Хожа Аҳрор бошланғич маълумотни Тошкент мадрасаларида олиб, ёшлик чоғлариданоқ муқаддас жойларни зиёрат қилишга мойиллик кўрсатади ва 23—24 ёшларда тоғаси, замонасининг билимдон кишиларидан бўлган Хожа Иброҳим уни Самарқандда ўқитишни мақсад қилиб қўяди. Хожа Аҳрор кўпроқ тасаввуф илмига қизиқади. Шу мақсадда Ҳиротга келиб, 1428—1431 йиллар орасида Шайх Баҳовуддин Умар, Шайх Зайниддин Хавофий каби таниқли мутасаввуф билимдонлари суҳбатида бўлади. Сўнг Чағониённинг Хулғату мавзеида истиқомат қилувчи Хожа Баҳовуддин Нақшбанднинг шогирди бўлган Яъқуб Чархий (вафоти 1447)га қўл бериб, ундан Нақшбандия тариқати асосларини ўрганади. 1431—1432 йиллар орасида Хожа Аҳрор Тошкентга қайтиб, Нақшбандия тариқатининг йирик арбоби Баҳовуддин Нақшбанд таълимотининг давомчиси сифатида танилиб, айни вақтда деҳқончилик ва тижорат ишлари билан машғул бўлади.

    Комментарии

    Для добавления комментариев необходимо авторизоваться.