Нуфузли анжуман ўз ишини бошлади

6
Minzdrav
Minzdrav11519

    Форум аввалида Германия Федерал соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокчиларга қутлов сўзларни йўллаб, тадбирнинг аҳамияти ва ундан кутилаётган натижаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

    Тадбирда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худаяров ҳам сўзга чиқиб, Германия тиббиёт муассасалари ва молия институтлари билан амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ва ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари хусусида сўз юритди.

    Таъкидланганидек, сўнгги 7 йил ичида икки томонлама алоқаларни ривожлантириш бўйича биргаликда салмоқли ишлар қилинди.

    Хусусан, давлатимиз раҳбарининг ўтган йил май ва сентябрь ойларида бўлиб ўтган Германияга ташрифлари ўзаро муносабатлар тарихида мутлақо янги саҳифа очиб, кўп қиррали ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитди.

    Икки мамлакат етакчиларининг мунтазам конструктив мулоқоти шериклик алоқаларини соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам изчил ривожлантиришга туртки бўлмоқда.

    – Бугунги кунда Германия тиббиёт муассасалари ва молия институтлари кўмагида юртимиз соғлиқни сақлаш тизимида қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

    Жумладан, айни пайтда Германия тараққиёт банки (“KfW”) билан ҳамкорликда тиббиёт соҳасида умумий қиймати 162,8 миллион еврога тенг 7 та инвестициявий ва грант лойиҳалар амалга оширилмоқда.

    Шунингдек, ушбу мамлакатнинг Фрайбург, Гумбольдт, Гейдельберг, Шарите, Ганновер, Роберт Кох клиникалари ва тиббиёт олий таълим муассасалари билан онкология, нейрохирургия, кардиохирургия, телемедицина йўналишларида ҳамкорлик изчил давом этмоқда.

    Ҳамкорларимиз орасида «Aesculap», “Heinemann Medizintechnik”, “Weinmann Emergency Medical Technology”, “Philips”, “Siemens Healthineers” каби қатор машҳур компаниялар ҳам бор.

    Биз Германия билан онкология, эндокринология, кардиология, гематология, шошилинч тиббий ёрдам хизмати мутахассисларини тайёрлаш каби йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш ва тажриба алмашишдан манфаатдормиз.

    Шунингдек, германиялик ҳамкорларимизни юртимизда радиология соҳасини модернизация қилиш ва тиббиёт марказларимизни юқори технологик тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида иштирок этишга таклиф этамиз.

    Ишончим комилки, мазкур анжуман мамлакатларимиз соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш йўлида янги ташаббус ва лойиҳаларни илгари суриш ҳамда ўзбек ва немис халқларини янада яқинлаштиришга хизмат қилади, – деди А. Худаяров.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги
    Матбуот хизмати.

    Комментарии

    Для добавления комментариев необходимо авторизоваться.