Dunyo adabiyoti. Fyodor Dostoyevskiy | Дунё адабиёти. Фёдор Достоевский

53
ziyouz
ziyouz23486

    Рус ёзувчиси. Ижодий фаолияти 1844 йилда бошланган. Биринчи романи — «Бечора одамлар»да (1846) хўрланган, ижтимоий адолатсизликка дучор бўлган «кичкина одамлар»нинг қисмати ҳикоя қилинган. «Қиёфадош» (1846), «Оқ тунлар» (1848) қиссалари ҳам ижтимоий мавзуда. Н. Добролюбов, В. Белинский каби демократ зиёлиларнинг инқилобий ғояларига маҳлиё бўлиб қолган Достоевский 1847 йилдан рус инқилобчиси ва хаёлий сотсиалисти М.В. Петрашевский тўгарагига фаол қатнашиб, хаёлий сотсиализм ғоясини қўллаб-қувватлайди. Мазкур тўгаракда қатнашиб, мавжуд давлат тузумини куч ишлатиб ўзгартиришга ҳаракат қилгани учун Достоевский ўлим жазосига ҳукм қилинади (1849). Нуфузли давлат ва жамоат арбобларининг аралашувидан сўнг, подшо Александр II ўлим жазосини 4 йиллик каторга сургуни билан алмаштиради. Ёзувчи Омск каторга қамоқхонасида (1850—54) ва Семипалатинскда интизомий ҳарбий хизматда бўлди (1854—59). 1859 йилдан Петербургда Узоқ муддатли тутқунлик ва сургун Достоевский ижодида ўз ифодасини топади, тушкунлик устувор мавзуга айланади. «Степанчиков қишлоғи ва унинг аҳолиси» (1859), «Хўрланганлар ва ҳақоратланганлар» (1861), «Ўлик хонадондан мактублар» (1861—62) асарлари жаҳолат ботқоғига ботиб, инсоний қиёфасини йўқотган руслар ҳаётига бағишланган. Достоевский М.М. Достоевский (акаси) билан ҳамкорликда «Время» (1861—63), «Эпоха» (1864—65) журналларини нашр этади. Буларда Россиядаги крепостнойлик тартиби, аслзода (дворян)ларнинг маънавий-ахлоқий тубанлиги, меҳнаткашлар шафқатсиз эксплуатация қилинишини фош этишдан ташқари, миллатчилик, буюк давлатчилик (шовинизм) ғоялари, хусусан, чор Россияси томонидан Туркистоннинг забт этилиши тарғиб қилинади. «Биз Европага бостириб борсак, улар бизни варварлар сифатида қарши олади, Осиёда эса бизни маданиятли миллат каби кутиб олишади», деб, Кауфман, Скобелев цингари ҳарбийлар Туркистонни босиб олишга даъват этилади.«Жиноят ва жазо» (1866), «Телба» (1868) романларида рус халқининг маънавий муаммолари бадиий бўёқларда яққол акс эттирилган. «Жинлар» (1871—72), «Ўсмир» (1875) романларида эса рус «оқсуяклари» табақаси, амалдорлари орасида маънавий қашшоқлик, амалпарастлик, очкўзлик ва худбинлик каби иллатлар чуқур илдиз отгани кўрсатилган, ички-миллий муаммоларни бошқа бир халқ ҳисобига ҳал этиб бўлмаслиги эътироф этилган. «Оға-ини Карамазовлар» (1879—80) романида жамият ва шахс ўртасидаги чуқур зиддият, руҳий инқироз ва фожиа ўз ифодасини топган. Достоевский ижоди, гарчи зиддиятли бўлсада, рус ва жаҳон адабиётига катта таъсир кўрсатган. Достоевский 19-асрдаги реалистик роман жанрини янги ўзига хос томонлар билан бойитди. Адиб тўлақонли бадиий образларда нафақат воқеалар оқимини, инсонлар тақдирини, қалб курашини, балки жамият маънавий ҳаётидаги фожиавий конфликтларни ҳам бера олди. Ўзининг интеллектуал романларида фикрларнинг кескин курашини, ғоя ва дунёқарашнинг фожиавий тўқнашувини маҳорат билан тасвирлади. Достоевский романлари вазмин тасвир услуби эмас, аксинча, соф драматик жанрларга хос кескинлиги ва лиро-публитсистик пафоси билан ажралади. Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо», «Телба» ва бошқа асарлари Иброҳим Ғафуров томонидан ўзбек тилига таржима қилинган

    Комментарии

    Для добавления комментариев необходимо авторизоваться.