Alisher Navoiy. Vahki, laʼling qildi bagʻrim tah-batah qon oqibat (gʻazal)

30
ziyouz
ziyouz23486

    Ваҳки, лаълинг қилди бағрим таҳ-батаҳ қон оқибат,
    Қатра-қатра кўздин ул қон бўлди ғалтон оқибат.

    Бордингу оғзимға қўйдунг муҳр, афғон чекма деб,
    Бу ишингнинг муҳри бўлди доғи ҳижрон оқибат.

    Фурқатинг тиғи бузуғ кўнглумни йиқти, оҳким,
    Сайли офат бирла емрулди бу вайрон оқибат.

    Кўнглума қошинг хаёли бўлди танвин нунидек,
    Уйла нунға нукта бўлди доғи пинҳон оқибат.

    Ўлмиш эрдим ғам туни, лаълинг хаёли берди жон,
    Зулмат ичра бўлди пайдо оби ҳайвон оқибат.

    Соқиё, жом айла доирким, ғаниматдур ҳаёт,
    Тутқусидур чун ажал косини даврон оқибат.

    Эй Навоий, ёр васли гарчи бас душвор эди,
    Фоний ўлғач, буйла душвор ўлди осон оқибат.

    Алишер Навоий

    Комментарии

    Для добавления комментариев необходимо авторизоваться.