Qamoqxona

50
Muhammadnazar
Muhammadnazar24251

    Адиба УМИРОВА

    ҚАМОҚХОНА

    Ой юзин беркитиб ўтар бу ердан,
    Қуёш ҳам нурини олар панага.
    Шоир кириб келди билмам, қаердан
    Бир қучоқ гул билан қамоқхонага.

    Темир панжаралар оғир хўрсиниб,
    Маҳзун хаёлларга кўмилгани чоғ.
    Фақат бир маҳбуса кўзлари ёниб,
    Гулларга термулиб йиғлади узоқ.

    Дунёнинг энг ғамин деразасидан
    Боқарди ҳар япроқ бандига беҳол.
    Бари хатоларни кўз ёши билан,
    Қон билан ювишга мажбур бир Аёл.

    Кимнинг қотили у, кимнинг қурбони,
    Руҳида чинқирар қандайдир титроқ.
    Балки шу гул уни хароб этгандир,
    Гул чизиб ўтгандир умрида кўпроқ.

    Армонлар кўксига гул тикар санчиб,
    Афсуслар гул ёзиб кетар дилида.
    Энди умр бўйи ўзидан қочиб,
    Беркиниб яшайди қизил гулларга.

    Гул кутиб сарғайган диллар олдида,
    Гулларга бурканган йўллар олдида,
    Гуноҳкор бўлса ҳам маъюс жилмайиб,
    Гулларга чўзилган қўллар олдида.

    Айбдор сезганча шоир ўзини
    Ўйларди: – тушунса, қани, бу олам.
    Барибир у шундай гўзаллик билан
    Жиноят қиларди озодликда ҳам!

    Шу тобда бошқача урарди қалби,
    Қисматга ўшандан бери қолар лол.
    У тунда яшайди маҳбуслар каби
    Тушида гул ҳидлаб ўлар бир Аёл.

    Адиба Умирова шеъри.
    Сурайё Қосимованинг «Арзанда жоним» қўшиғидаги мусиқадан фойдаланилди.
    Музаффар Муҳаммадназар ижросида ўқилди.

    Комментарии

    Для добавления комментариев необходимо авторизоваться.