Гилос пайвандтаглари

60
Bogdorchilik
Bogdorchilik35188

    Гилос ва олча навларини уруғидан кўпайтириб аслига тўғри кўчатлар кўпайтириб бўлмайди. Селекция қилинган навларни кўпайтириш учун ножинсий усуллардан фойдаланилади. Кўчатларни ножинсий (вегетатив) кўпайтиришнинг энг кўп қўлланиладиган усули бу пайвандуст куртагини ёки қаламчасини мутаносиб пайвандтакка улашдир. Олча ва айниқса гилос пайвандустларини куртагини пайвандтакка улаш осон ва ишончлироқдир. Дастлаб барча гилос пайвандтаглари уруғдан кўкартирилган Маззард (ёки Prunus avium) бўлган. Улар Европа бўйлаб жуда кўп миқдорда ёввойи ҳолда ўсиб ётган, демакки хомашё бўйича муаммо бўлмаган ва уларни пайванд қилиш ҳам нисбатан осон бўлган. Бир дона куртак ёки кичик қаламчани пайванд қилиш орқали бир «она» дарахтдан ҳар йили кўплаб янги кўчатларни ҳосил қилиш мумкин бўлган. Кўп йиллар давомида пайвандтаглар пайвандуст навлар учун фақат кўчат кўпайтириш воситаси сифатида қараб келинган. Аммо зийрак боғбонлар пайвандтаглар ҳосил бўлган янги дарахтга қўшимча ижобий сифатлар бераётганлигини пайқай бошлашган, масалан дарахтнинг ўсиш суръатини ўзгартириши, ҳосил миқдорини кўпайтириши, ноқулай тупроқ ва иқлим шароитида чидамлиликни ошириши каби. Гарчи ҳозирги кунда ҳам пайвандтаг танлашда биринчи ўринда пайванд жараёнининг осонлигига эътибор берилсада, эндиликда бошқа бир қатор омиллар ҳам бирдек ёки кўпинча янада муҳимроқ аҳамият касб этмоқда. Бу омилларга пайвандтагнинг пайвандуст ўсиш суръатига, ҳосилга эрта киришига, ҳосил миқдорига ижобий таъсири ва ноқулай тупроқ шароити ва тупроқ орқали қўзғалувчи касалликларга чидамлиликни оширишини мисол қилиш мумкин. Ягона бир пайвандтаг нави гилос ва олча етиштириладиган дунёнинг барча минтақаларидаги турли иқлим ва тупроқ шароитлари талабларини тўла қондира олади деб ҳисоблаш хато бўлади. Шунинг учун боғбонлар ўз минтақалари шарт-шароити ва боғ парвариш усулларидан келиб чиққан холда ўзлари учун энг маъқул келадиган пайвандтаг навлардан фойдаланишлари катта аҳамиятга эга. Бахтга қарши пайвандтагларнинг пайвандуст ўсиши ва ҳосил беришига ўтказадиган таъсири жуда кам ўрганилган. Бу ҳолатни тушунтириб бериш учун бир қанча назариялар таклиф қилинган, сўнги йилларда уларнинг аксарияти турли эндоген (ички) ўсимлик гормонлари мувозанати ва пайвандуст ўсишида кузатилган ўзгаришлар ўртасида боғлиқлик ўрнатишга ҳаракат қилишмоқда. Лекин бу назарияларнинг ҳеч бири пайвандтагнинг пайвандуст ўсиш ва ҳосил солиш табиатига ўтказадиган таъсирини тўлиқ тушунтириб бера олганича йўқ.

    Батафсил маълумот Телеграмдаги каналимизда t.me/bogdorchilik

    Комментарии

    Для добавления комментариев необходимо авторизоваться.