Misrdagi xazina | Мисрдаги хазина

54
ziyouz
ziyouz23486

    Бағдодлик бир одамга отасидан катта мерос қолди. Аммо у қисқа вақтда бойлигини елга совурди; йўқсилга айланди. Зеро, у бойликни заҳмат-машаққатсиз қўлга киритган эди. Танг аҳволда қолгач, қўл очиб, Аллоҳ таолога ёлвора бошлади. Бир неча кун дуо-илтижо қилди. Ниҳоят, бир оқшом тушида:
    «Мисрга боришинг керак, у ерда катта бир хазинага эга бўласан», дейилди. Одам уйғонгач, вақтни ўтказмай, Миср йўлига тушди. Узоқ сафар уни қийнаб қўйди. Оч, ташна, чарчаган эди.
    Бир неча кун Миср кўчаларида тентираб юрди. На бир бурда нон топди, на хазинанинг изини. Ниҳоят, тиланчилик қилишга мажбур бўлди. Уялганидан кечаси тиланарди. Ўша кунлари Қоҳирада ўғрилар кўпайиб қолишган эди. Миршаб уни тутиб олди, ўғри деб ўйлаб, роса калтаклади. Шунда уқувсиз тиланчи, бечора йўқсил:
    - Илтимос, урма. Мен ўғри эмасман. Сенга ҳақиқатни айтаман! – деб фарёд солди.
    - Қани айт-чи, ярим кечада нимани қидиряпсан? – деди миршаб. Балки бегонадирсан. Аммо ёлғон гапиракўрма, менга тўғрисини айт!
    Одам қасам ичиб, бошидан ўтган воқеаларни айта бошлади:
    - Мен на ўғри, на чўнтаккесарман, бир ғариб бағдодликман, дея кўрган тушини ва хазина қидираётганини айтди.
    Миршаб унинг гапларига ишонди ва:
    - Ҳой, сен қандай ақлсиз одамсан, бир тушга ишониб, хаёлга берилиб, шу ерларга келдингми? Мен неча йилдир, Бағдодда фалон маҳалланинг фалон кўчасидаги уйнинг фалон жойида бир хазина яширинганини тушимда кўраман. Шунга ишониб бўларканми? Қани, тезроқ бу ердан туёғингни шиқиллат-чи. Йўқса, қўлимдан қутулолмайсан, — деб бақирди.
    Бу гапларни эшитган одамнинг севинчи ичига сиғмасди. Чунки миршаб айтган жой Бағдоддаги унинг уйи эди. Шоша-пиша Бағдодга йўл олди («Маснавийи маънавий», VI жилд, 4206-байт).

    Комментарии

    Для добавления комментариев необходимо авторизоваться.