Aks sado va hayot | Акс садо ва ҳаёт

51
ziyouz
ziyouz23486

    Ота билан ўғил тоғда кезиб юришарди. Бирдан ўғли қоқилиб тушди ва жони оғриб, бақириб юборди. Узоқдаги чўққидан у чеккан “оҳ: акс-садоси келди. Бола бу садони эшитиб, ҳайрон қолди ва: “Сен кимсан?” деб бақирди. Яна: “Сен кимсан?” деб акс-садо келди. Бола ғазаб билан: “Сен қўрқоқсан!” деб бақирди. Тоғдан ҳам: “Сен қўрқоқсан!” деган жавоб келди.
    Бола отасига қараб:
    — Дада, нима бўляпти? — деб сўради.
    — Ўғлим, буни билиб ол, — дедию отаси тоққа қараб: “Сенга ҳайронман!” деб бақирди. Тоғдан жавоб келди: “Сенга ҳайронман!” Отаси энди: “Сен муҳташамсан!” деб бақирди. Жавоб келди: “Сен муҳташамсан!” Бола ҳайрон қолди, аммо ҳали ҳам нималар бўлаётганини фаҳмлай олмасди. Отаси бу воқеани шундай изоҳлади:
    — Ўғлим, буни одамлар “акс-садо” дейишади, аслида бу ҳаётнинг бир қонунидир. Бошқаларга берганларингни ҳаётдан оласан. Ҳаёт бизнинг қилмишларимиздан иборат. Севги истасанг, кўпроқ сев! Шафқат тиласанг, янада шафқатли бўл! Ҳурмат истасанг, катта-кичикни эъзозла. Инсонларнинг сенга сабрли бўлишларини истасанг, ўзинг ҳам сабрли бўлишни ўрган.

    Комментарии

    Для добавления комментариев необходимо авторизоваться.