Япон олимлари қандай вазиятда “омикрон”дан ҳимояланиш имконсиз эканлигини аниқлади

8
Minzdrav
Minzdrav11617

    Тадқиқот учун дунёдаги энг тезкор “Фугаку” суперкомпьютери имкониятларидан фойдаланилди. Маълум бўлишича, агар 15 дақиқа давомида тиббий ниқоб тақмаган бемор билан яқин масофада мулоқотда бўлсангиз, бу вирусни юқтириб олишингиз тайин.

    Олимлар компьютер ёрдамида “омикрон” билан касалланиш мумкин бўлган турли вазиятларни симуляция қилишди. Улар моделни яратиш учун вирус ташувчиси билан турли масофаларда 15 дақиқа давомида суҳбат олиб боришди. Бунда беморнинг ниқоб таққан ёки тақмаган ҳолатлари алоҳида инобатга олинди.

    Аниқланишича, агар коронавирусга чалинган киши тиббий ниқоб таққан бўлса ва у билан бир метр ёки ундан зиёдроқ масофада мулоқот ўрнатилса, инфекцияни юқтириш хавфи деярли мавжуд эмас.

    Бироқ бемор ниқоб тақмаган худди шу оралиқ масофада касалликка чалинишингиз эҳтимоли 60 фоизгача ортади.

    Агар ярим метрдан қисқа масофада ниқоб тақмаган хасталик ташувчиси билан чорак соат суҳбатлашсангиз, “омикрон”ни юқтириб олишингиз хавфи деярли 100 фоизгача етади. Худди шу вазиятда бемор ниқоб тақиб олгани заҳоти бу инфекция билан хасталанишингиз эҳтимоли 14 фоизгача камайиши мумкин.

    Тадқиқот шуни кўрсатдики, “омикрон” вариантининг юқумлилиги “дельта”га нисбатан бир ярим баравар юқори.

    Масалан, аввалги штамм ташувчиси бўлган бемор билан ярим метрдан бир метргача бўлган масофада 15 дақиқа суҳбатлашсангиз, вирусни юқтириш хавфи тахминан 70 фоизга тенг. “Омикрон”да бу кўрсаткич 85 фоизни ташкил қилади.

    Шунга қарамай, япон олимлари ҳатто ниқоб таққан ҳолатда ҳам одамлар билан мулоқотда ижтимоий масофа сақлаш лозимлигини таъкидлашди.

    (Видеосимуляцияда: юқорида тиббий ниқобсиз мулоқот, пастда ниқоб таққан ҳолатдаги суҳбат).

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги
    Матбуот хизмати.

    Комментарии

    Для добавления комментариев необходимо авторизоваться.