ССВ: Вазир соҳадаги устувор вазифалар ижросига бағишланган йиғилиш ўтказди

7
Minzdrav
Minzdrav11789

    Бугун Соғлиқни сақлаш вазирлигида соҳадаги устувор вазифалар ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

    Унда вазирлик марказий аппарати ходимлари, ихтисослаштирилган марказлар, республика даволаш муассасалари ва тиббиёт олий ўқув юртлари раҳбарлари, шунингдек жойлардаги студиялардан барча ҳудудий бошқармалар ҳамда туман тиббиёт бирлашмалари масъуллари иштирок этди.

    Тадбирни Соғлиқни сақлаш вазири в.б. А. Худаяров олиб борди.

    Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилиш аввалида тиббиёт йўналишида давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланиши бўйича қилинаётган ишлар ва уларнинг натижалари атрофлича таҳлил қилинди.
    Таъкидланганидек, бугунги кунда соғлиқни сақлаш соҳаси учун ажратилган маблағларнинг тўғри ишлатилиши мунтазам ўрганиб борилмоқда. Бунинг учун вазирлик қошида “Ситуацион марказ” ташкил этилиб, харажатларни мониторинг қилиб бориш йўлга қўйилди. Натижада тизимдаги ноқонуний харажатларни барвақт олдини олиш имкони яратилди.

    Хусусан, тиббиёт ташкилотларининг молиявий ҳужжатларини профилактик ўрганиш орқали ҳали смета тузиш жараёнининг ўзидаёқ, ортиқча режалаштирилган ёки мақсадсиз ва самарасиз харажатлар бартараф этилмоқда.

    Мисол учун, жорий йил март ойидан бошлаб тизим ташкилотларида ўтказилган ўрганишлар давомида 2 099 та штат бирликлари ҳамда бошқа тўловларнинг нотўғри режалаштирилганлиги аниқланиб, маблағларнинг ноқонуний сарфланишининг олди олинди.
    Йиғилишда давлат харидлари бўйича камчиликлар, тиббиёт муассасаларида тиббий жиҳозлардан мақсадли фойдаланиш, шифохоналарда имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга кўрсатиладиган тиббий хизматларнинг базавий нархларини ишлаб чиқиш каби масалалар таҳлил қилиниб, тизимда молиявий назорат самарадорлигини янада ошириш юзасидан муҳим вазифалар белгиланди.

    Кун тартибидаги навбатдаги масала — Соғлиқни сақлаш вазири в.б. А. Худаяровнинг жорий йил биринчи ярим йиллигида ҳудудларга ташрифлари чоғида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати юзасидан берилган топшириқлар ижросига бағишланди.
    Жумладан, вазир Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Наманган, Жиззах, Самарқанд, Фарғона, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидаги қатор туманларда бўлиб ўтган ўрганишлар давомида тиббий хатловни ўтказиш, профилактик кўрик ва скрининг тадбирларини мақсадли ташкил этиш, олис ва чекка ҳудудларда тиббий хизмат сифатини ошириш, сурункали касаллик аниқланган беморларни индивидуал соғломлаштириш, тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламига юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатишни маҳаллабай йўлга қўйиш бўйича ҳудудлардаги масъулларга бир қанча вазифалар берган эди.

    Тадбирда ана шу топшириқларнинг ижроси юзасидан жойлардаги раҳбарларнинг ахбороти тингланиб, камчиликларга йўл қўйган масъуллар жиддий огоҳлантирилди.
    Шунингдек, йиғилишда тиббиётни аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирининг 208 та туман (шаҳар) ҳокимлари билан видео-конференцалоқа орқали бўлиб ўтадиган мулоқотга тайёргарлик кўриш бўйича олиб борилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.

    Хусусан, барча туман тиббиёт бирлашмаларига ўзининг мавжуд муаммоларидан келиб чиққан ҳолда чора-тадбир режасини тайёрлаш вазифаси берилган бўлса-да, бу масалада айрим масъуллар камчиликка йўл қўяётгани жиддий танқид остига олинди.
    Шундан келиб чиқиб, белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш, сусткашликка йўл қўйган туман тиббиёт бирлашмалари раҳбарларига қатъий интизомий жазо чораларини қўллаш белгиланди.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги
    Матбуот хизмати.

    Комментарии

    Для добавления комментариев необходимо авторизоваться.